Словакия драматик ўйинда Косовога мағлуб бўлиб финалдан қолди
Европа қитъасида 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма учун кураш тобора кескин ва интригали тус олмоқда. Саралаш плей-офф босқичининг яримфинал учрашувлари якунланиб, айрим жамоалар ҳал қилувчи босқичга чиқиш имкониятини қўлга киритган бўлса, бошқалари орзуларидан маҳрум бўлди.
Шундай драматик баҳслардан бири Словакия ва Косово миллий жамоалари ўртасида кечди. Мезбонлар мухлислари олдида ғалаба қозонишга яқин келган бўлса-да, охир-оқибат аламли мағлубиятни қабул қилишга мажбур бўлди.
Учрашув жуда шиддатли ва голларга бой тарзда бошланди. Илк дақиқалардаёқ Валентнинг голи Словакияга устунлик берди. Бироқ Косово жамоаси тезда жавоб қайтариб, ўйинда мувозанатни тиклади.
Биринчи бўлим охирида Гараслин томонидан киритилган гол мезбонларга яна устунликни қайтарди ва улар танаффусга юқори кайфиятда йўл олди.
Иккинчи таймда эса вазият бутунлай ўзгарди. Косово жамоаси ҳужумларни кучайтириб, кетма-кет голлар урди. Аслани, Муслия ва Хайризининг аниқ зарбалари меҳмонларни олдинга олиб чиқди.
Сўнгги дақиқаларда Стрелец ҳисобни қисқартирган бўлса-да, бу Словакияни қутқариш учун етарли бўлмади. Натижада 3:4 ҳисобидаги мағлубият мезбонларни финал орзусидан маҳрум қилди.
Мутахассислар фикрича, бу ўйин ҳақиқий футбол спектаклига айланди. Ҳар икки жамоа очиқ ва ҳужумкор ўйин намойиш этди, аммо Косово сўнгги дақиқаларгача барқарорлигини сақлаб қолди.
ЖЧ-2026 саралаши.
Плей-офф. Яримфинал
Словакия – Косово 3:4
Голлар: Валент (6), Гараслин, (45), Стрелец (90+4) - Ходжа (21), Аслани (47), Муслия (60), Хайризи (72)
Словакия: Дубравка - Валент, Вавро, Оберт, Беро (Мраз) - Лоботка, Дуда (Бенеш) - Ганцко, Зауэр (Суслов), Гараслин (Тупта) - Стрелец.
Косово: Мурич - Войвода, Деллова, Хайризи, Хайдари - Галлапени, Ходжа (Эмерлаху), Реджбечай - Муслия (Хадерджонаж), Асллани (Забаргджа), Мурики (Ррахмани).
Огоҳлантиришлар: Вавро, Ходжа, Валент, Хайризи, Деллова.
Шу тариқа, Косово миллий жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритиб, плей-офф финалига йўл олди. Энди улар 31 март куни ўз майдонида Туркияга қарши ҳал қилувчи баҳсда Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб боради.