Ўрта Чирчиқда аёл ва икки оила аъзоси ис газидан вафот этгани маълум қилинди
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида фожеали ҳодиса содир бўлиб, бир оиланинг уч нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, туман ИИБ навбатчилик қисмига "Янги Турмуш" маҳалласи, Гўзал кўчасидаги хонадонда вақтинча яшаб келган 1946 йилда туғилган С.М., унинг невараси 1988 йилда туғилган Ю.Д. ҳамда эвараси 2008 йилда туғилган Ж.М.нинг вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ўрта Чирчиқ туманлараро суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, уларнинг ўлимига ис газидан келиб чиққан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.