Трамп Эронга 48 соат берди
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга Ҳурмуз бўғозини тўлиқ қайта очиш учун 48 соат муҳлат берди ва агар блокада давом этса, Қўшма Штатлар йирик энергетика объектларига зарба беришини огоҳлантирди. Трамп 22 март куни эрта тонгда Truth Соcиал'даги постида, агар ушбу муҳим сув йўли орқали юк ташиш таҳдидларсиз тикланмаса, Вашингтон Эрон электр станцияларини, аввало энг йиригини нишонга олишини айтди. Бу ҳақда Dw.com хабар беради.
Эрон бунга тезда ўз огоҳлантириши билан жавоб қайтарди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг оператив қўмондонлиги билдиришича, агар Эроннинг нефть ва энергетика инфратузилмасига ҳужум қилинса, унда АҚШ объектлари ҳамда энергетика, ахборот технологиялари ва тузсизлантириш билан боғлиқ иттифоқчи минтақавий нуқталар нишонга айланади.
Сўнгги баёнотлар алмашинуви АҚШ, Исроил ва Эрон иштирок этаётган кенгроқ ҳарбий можаро фонида юз бермоқда. Манбага кўра, уруш бошланганидан бери Ҳурмуз бўғози амалда тўсиб қўйилган ва бу глобал нефть ҳамда суюлтирилган табиий газ етказиб беришининг қарийб 20 фоизи ўтадиган йўналишни издан чиқарган. Форс кўрфазидаги нефть объектлари ва танкерларига қилинган ҳужумлар аллақачон жаҳон энергетика нархларини оширди.
Иқтисодий хатарлар ҳам ортиб бормоқда. Даллас Федерал захира банки ҳисоб-китобига кўра, агар блокада июнь охиригача давом этса, иккинчи чоракда йиллик ҳисобдаги глобал ўсиш 2,9 фоиз бандга пасайиши мумкин. Таҳлилчилар, шунингдек, агар бўғоз бу йил уч чорак давомида ёпиқ қолса, йил охирига бориб нефть нархи бир баррель учун 132 долларгача кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.