Эрон сунъий йўлдош ҳамкорларини огоҳлантирди
Эрон мустақил сунъий йўлдош телеканали Iran International билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар ва муассасалар ҳарбий оқибатларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Телерадиокомпания тарқатган ва минтақавий ОАВ келтирган баёнотга кўра, Теҳрон агар бундай ҳамкорлик давом этса, канал билан боғлиқ объектлар ва инфратузилмани эҳтимолий ҳарбий нишонлар рўйхатига киритиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар беради.
Бирлашган Қиролликдан эфирга узатиладиган Iran International Туркманистонга тегишли ТüркменÄлем 52Е/MonacoSat сунъий йўлдошидан фойдаланади. Худди шу сунъий йўлдошдан ўнлаб бошқа телевидение ва радио каналлари ҳам фойдаланади. Телерадиокомпания аввалроқ унинг сигналини узатишда иштирок этадиган сунъий йўлдошга оид инфратузилма жойлашган Туркманистон ва Монакога тўғридан тўғри огоҳлантиришлар юборилганини билдирган эди.
Канал Эрон давлат ОАВда Эроннинг Khatam al-Anbiya ҳаво мудофааси қўмондонлигининг номи ошкор этилмаган вакилига таяниб берилган хабарларга ишора қилди. Ўша баёнотларда Iran International Эрон ҳақидаги ёлғон маълумотларни тарқатишда ҳамда АҚШ ва Исроил манфаатларига мос равишда Эронга қарши психологик уруш олиб боришда айбланди. Расмий шахс телерадиокомпанияни қўллаб-қувватлашда давом этадиган ҳар қандай томон Ислом Республикаси томонидан нишон сифатида кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бундан ташқари, Теҳрон Руминияни ҳам огоҳлантириб, агар у АҚШга Руминия ҳудудидаги ҳарбий базалардан Эронга қарши амалиётларда фойдаланишга рухсат берса, можаро гирдобига тортилиши мумкинлигини билдирди. Бу огоҳлантириш Руминия парламенти 11 март куни мамлакатга қўшимча АҚШ ҳарбий бўлинмалари ва самолётларини жойлаштиришни маъқуллаганидан кейин янгради.