Хоманаийнинг соғлиги атрофидаги миш-мишларга Эрон жавоб қайтарди
Эрон расмийлари мамлакатнинг олий раҳбари Можтаба Хоманаийнинг соғлиги билан боғлиқ тарқалган турли тахминларга муносабат билдирди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий унинг соғлиги яхши эканини ва вазиятни тўлиқ назорат қилиб турганини маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, Можтаба Хоманаий ҳозирда давлат бошқаруви билан шуғулланишда давом этмоқда. Шу билан бирга, у 8 март куни лавозимга тайинланганидан буён жамоатчилик олдида кўринмаган.
12 март куни эса унинг халққа йўллаган илк мурожаати Эрон давлат телевидениеси орқали эълон қилинган. Бироқ мурожаатни шахсан ўзи эмас, балки телевидение диктори ўқиб эшиттирган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг янги олий раҳбари тирик эканига шубҳа билдирган эди. Айрим норасмий маълумотларга кўра, Можтаба Хоманаий унинг отаси — аятолла Али Хоманаий ҳамда оила аъзолари ҳалок бўлган ҳужум пайтида жароҳат олган бўлиши мумкин. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Шунингдек, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам Можтаба Хоманаий яраланган ва эҳтимол оғир жароҳат олган бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.