Германия Эрон бўйича хавотирли огоҳлантириш берди
Германия канцлери Фридрих Мерц Эрон атрофидаги вазият юзасидан хавотирли баёнот билан чиқди. Унинг айтишича, бу мамлакатда Сурияда кузатилган инқирозга ўхшаш сценарий такрорланмаслиги керак.
Мерцнинг таъкидлашича, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан боғлиқ можароси бутун минтақага жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, бу ҳолат янги қочқинлар тўлқинини келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам Германияни жиддий ўйлантирмоқда.
Канцлер Эрон мустақиллигини сақлаб қолиши муҳимлигини урғулади. У Вашингтон ва Исроил ҳукумати билан ўтказилаётган музокараларда айнан Эронни барқарорлаштириш учун имкониятларни тезроқ яратишга чақириб келаётганини билдирди.
Фридрих Мерц фикрича, Эронда демократик йўл билан легитим ҳукумат шаклланиши ва давлат сифатида фаолиятини давом эттириши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг бу сўзлари Европа Эронда вазият янада издан чиқишини истамаётганини кўрсатмоқда.