«Галатасарой» ва «Фенербахче» футболчиларини ставкалар учун қамоқ кутмоқда
Туркиянинг икки йирик клуби — «Галатасарой» ва «Фенербахче» сафидаги футболчилар ноқонуний ставкалар билан боғлиқ иш бўйича қамоқ жазоси хавфи остида қолиши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Гап «Галатасарой» футболчиси Метехан Балтаджи ҳамда «Фенербахче» сардори Мерт Ҳакан Яндаш ҳақида кетмоқда. Маълумотларга кўра, Балтаджи 13 йилгача, Яндаш эса 17 йилгача озодликдан маҳрум этилиши эҳтимолдан холи эмас.
Sabah нашри ёзишича, Балтаджи камида икки марта «Галатасарой» иштирок этган учрашувларга пул тиккан. У ўйинларда асосий таркибда бўлмаган, бироқ жамоа қайдномасига киритилгани сабабли натижага билвосита таъсир кўрсатиш имконияти бор деб баҳоланмоқда.
Амалдаги турк қонунчилигига кўра, профессионал спортчи букмейкерларга ўз мақомини олдиндан маълум қилиши шарт. Балтаджи эса бу талабни бажармагани айтилмоқда.