Ли Ҳендри «Астон Вилла» мавсуми хавф остида қолганини айтди
«Астон Вилла»нинг собиқ футболчиси Ли Ҳендри Англия чемпионатидаги навбатдаги мағлубиятдан сўнг жамоа атрофидаги вазиятдан хавотир билдирди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган бирмингемликлар турнир жадвалида охирги ўринда бораётган «Вулверҳэмптон»га 0:2 ҳисобида ютқазди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Унаи Эмери бошчилигидаги «Астон Вилла» АПЛдаги сўнгги 10 ўйиннинг атиги учтасида ғалаба қозонган.
«Олдин жамоа яхши формага кирган эди, ҳозир эса на характер, на ишонч кўринади. Натижалар жуда ёмон. “Вилла”нинг мавсуми ҳозир ип устида турибди… Мен ваҳимага туша бошладим. Олдинда катта ўйинлар бор, жамоа тарқаб кетиши мумкинлигини кўряпман», — дея Ҳендрининг сўзларини Sky Sports келтиради.
«АПЛнинг ҳал қилувчи босқичи кетмоқда, лекин мен реакцияни кўрмаяпман — бу мени ташвишга соляпти. Яқинда чемпионлик пойгаси ҳақида гап кетаётганди, энди эса топ-5дан чиқиб кетиш хавфи муҳокамада. Бу фалокат бўлади», — деди у.
«Астон Вилла»ни олдинда муҳим синовлар кутмоқда: чемпионатда «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинлар, шунингдек Европа Лигасида «Лилл» билан икки учрашувдан иборат қарама-қаршилик.