Элдор Шомуродов Туркия чемпионатининг энг сермаҳсул ҳужумчиси бўлди
Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда «Истанбул Башакшеҳир» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Туркия чемпионатида энг сермаҳсул футболчи сифатида етакчиликни қўлга олди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
21-февраль ҳолатига кўра, Шомуродов «гол+пас» тизимида 20 очко жамғарди: 16 та гол ва 4 та голли узатма. Шу кўрсаткич уни турнир тўпурарлар рўйхатида ҳам биринчи ўринга олиб чиқди.
«Галатасарай» юлдузлари билан таққослаганда ҳам Шомуродовнинг устунлиги яққол: Мауро Икардида барча ўйинларда 13 та гол бор, Виктор Осимҳен эса миллий чемпионат доирасида 9 та гол билан чекланиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилда Шимолий Америкада ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган.