Аргентина футбол раҳбари коррупция иши бўйича сўроққа чақирилди
Аргентина футбол асссоциацияси (AFA) президенти Клаудио Тапиа ижтимоий бадаллар тўланмагани юзасидан бошланган иш доирасида прокуратурага сўроққа чақирилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ушбу ишда AFA ғазначиси Пабло Товигино ҳам фигурант сифатида қайд этилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тапиа ва Товигинога мамлакатни тарк этишни тақиқлади.
Сўроқ 5 март куни бўлиб ўтади. Тергов AFA томонидан ижтимоий бадаллар бўйича давлат ғазнасига 13 млн доллар етиб келмагани ҳақидаги маълумотлардан сўнг қўзғатилган.
Шунингдек, Тапиа мулкига тегишли бўлган, вертолёт қўниш майдончасига эга 10 гектарлик қароргоҳ ҳам шубҳа остига олинган.
Прокуратура алоҳида тарзда футболчиларга бериладиган бонуслар миқдорига ҳам эътибор қаратмоқда: маълумотларга кўра, бу кўрсаткич Тапианинг дунё бўйлаб парвоз харажатларидан ҳам паст.