Трамп: Эрон билан музокаралар яхши йўлга қўйилди
АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат атрофидаги кескин халқаро вазият фонида Эрон билан олиб борилаётган мулоқотлар ижобий руҳда кечаётганини маълум қилди.
Президент бу ҳақда Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Ғазо бўйича тинчлик ташаббусларига бағишланган йиғилишда сўз юритиб, АҚШ номидан музокаралар олиб бораётган махсус вакил Стив Уиткофф ҳамда дипломатик жараёнларга жалб этилган Жаред Кушнер фаолиятини алоҳида таъкидлади.
Дональд Трампнинг айтишича, америкалик музокарачилар сўнгги кунларда қатор муҳим ва мазмунли учрашувлар ўтказган.
— Ҳозирги пайтда Эрон жуда сезгир ва мураккаб нуқта ҳисобланади. Шу билан бирга, вакилларимиз у ердаги томонлар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Учрашувлар самарали ўтмоқда, муносабатлар ишчан руҳда сақланяпти ва энг муҳими, яхши музокаралар кетмоқда, — деди АҚШ раҳбари.
Шунингдек, Трамп сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатганини қайд этдики, Эрон билан чуқур ва мазмунли келишувларга эришиш осон эмас. Унинг сўзларига кўра, мавжуд сиёсий зиддиятлар ва минтақадаги беқарорлик музокара жараёнини янада мураккаблаштиради.
Бироқ Оқ уй раҳбарига кўра, айни пайтда томонлар ўртасида мулоқот узилмагани ва ишончни тиклашга қаратилган ҳаракатлар давом этаётгани муҳим аҳамиятга эга. АҚШ маъмурияти Эрон билан боғлиқ масалаларда дипломатик ечимларга устувор аҳамият бериш ниятида эканини ҳам таъкидлаб ўтди.