Бош вазир Никол Пашинян ва рафиқаси Анна Акопян муносабатларига нуқта қўйди
Бугун, 17 февраль куни Арманистон Бош вазирининг рафиқаси Анна Акопян ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали муҳим хабар билан чиқди. У Никол Пашинян билан фуқаролик никоҳи расман якунланганини жамоатчиликка маълум қилди.
Акопян мурожаатида шундай деган:
“Ҳурматли ватандошлар, сизга Бош вазир Никол Пашинян билан фуқаролик никоҳим тугаганини эълон қиламан. Барчангиздан ушбу масалага нисбатан ҳурмат, вазминлик ва хушмуомалаликни сақлашингизни сўрайман”.
Маълум қилинишича, у муносабатларнинг тугаш сабаблари, ажримга олиб келган ҳолатлар ёки шахсий ҳаётга доир бошқа тафсилотлар ҳақида изоҳ бермаган. Ҳозирча мазкур воқеа юзасидан Никол Пашинян томонидан ҳам расмий баёнот ёки муносабат билдирилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Анна Акопян ва Никол Пашинян ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қонуний никоҳдан ўтмаганликларини очиқ маълум қилишган эди. Улар узоқ йиллар давомида бирга яшаб келган бўлса-да, муносабатлари фақат фуқаролик никоҳи асосида давом этган.
Қайд этилишича, жуфтлик 27 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирга ҳаёт кечириб, оилавий турмуш тарзини олиб борган. Шу билан бирга, уларнинг муносабатлари расмий никоҳ билан мустаҳкамланмагани ҳам аввалроқ жамоатчиликка маълум қилинган эди.
Айни пайтда, Арманистон жамоатчилигида кенг муҳокамага сабаб бўлган ушбу хабар юзасидан расмий изоҳлар кутилмоқда.