Элагин Роналду бойкотдан кейин майдонга қайтди ва гол урди
Саудия Арабистони чемпионатининг 22-турида сафарда ўтган баҳсда “Ал-Наср” “Ал-Фатеҳ” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги голлардан бирига 41 ёшли марказий ҳужумчи Криштиану Роналду муаллифлик қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Бойкотдан сўнг яна майдонга қайтган португалиялик юлдузнинг ўйини футбол шарҳловчиси Александр Элагин эътиборини тортди. У Роналду нафақат гол ургани, балки ҳимояда ҳам фаол ишлагани, жарима майдончаси ичида бир неча бор тўпни узоқлаштирганини таъкидлади.
“Буюк футболчи қайтди ва гол урди. У шунчаки гол билан кифояланмай, ҳимояда ҳам жонбозлик кўрсатди — бир неча марта дарвозабон майдонидан тўпни тепиб юборди. Гўё йигит боладек югуряпти. Ҳам қойил қолдим, ҳам ҳавасим келди”, — деб ёзди Элагин ижтимоий тармоқларда.
Жорий мавсумда Саудия Арабистони чемпионатида Роналду 19 ўйинда 18 та гол урди.