Бекободда ЙТҲдан сўнг йўқолган жасад 60 кундан бери топилмади
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 2025 йил 11 декабрь куни содир бўлган ЙТҲ атрофидаги баҳсли ишда энг оғир савол очиқ қолмоқда: 43 ёшли фуқаронинг жасади ҳалигача топилмаган.
Маълумотларга кўра, мазкур ҳодисада фуқаро жароҳат олган, аммо уни шифохонага олиб бориш ўрнига бошқа йўл тутилгани ҳақида иддаолар бор. 2026 йил 11 февраль кунига келиб, марҳум қидирилаётганига 60 кун бўлди, бироқ мурда сувдан чиқмади.
Марҳумнинг яқинлари жасад каналга ташланмаган, балки бошқа жойга яширилган бўлиши мумкин, деган гумонни ўртага ташламоқда. Улар айтишича, вилоят ҳокими кўмаги билан каналнинг бир қисми вақтинча ёпилган, сув миқдори пасайгач қидирув анча осонлашган. Шунингдек, маҳалла аҳли ва қариндошлардан иборат тахминан 150 нафар киши каналга тушиб, қидирув ишларида қатнашган, аммо натижа бўлмаган.
Эслатилишича, ЙТҲ содир этилган Nexia-3 автомобилни Бекобод шаҳар ИИБнинг тезкор ходими бошқаргани айтилмоқда. Маҳаллий манбаларда қарама-қарши томондан келаётган ҳайдовчи воқеага гувоҳ бўлиб қолгани, жараҳатланган фуқарони шифохонага олиб бориш зарурлигини таъкидлагани ҳақида ҳам хабар берилган. Кейинроқ, қидирув ишлари бошланган ва иш бўйича турли версиялар муҳокама қилинмоқда.
Ҳозирча энг асосийси — жасад қаерда? Яқинлар эса “қидирув давом этаяпти, аммо натижа йўқ”, дея хавотир билдирмоқда.