Буффон: Йилдиз Чемпионлар лигасини ютса, афсонага айланади
"Ювентус"нинг собиқ дарвозабони ва клуб афсонаси Жанлуижи Буффон туринликлар ҳужумчиси Кенан Йилдиз ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Буффоннинг айтишича, Йилдиз "Ювентус" сафида Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишга эришса, клуб тарихида афсонага айланиши мумкин. У DAZN билан суҳбатда футболчининг майдондаги ўйинини "ғайриоддий" деб баҳолади.
Кенан Йилдиз 2022 йилда "Бавария"дан эркин агент сифатида "Ювентус"га келиб қўшилган. 7 февраль куни туркиялик футболчи турин клуби билан 2030 йил 30 июнгача мўлжалланган янги шартномага имзо чекди.
Жорий мавсумда Йилдиз барча мусобақаларда 32 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.