«Реал» ҳимоячиси Хименес Арбелоа кутганидан ҳам яхшироқ ўйнади
Мадриднинг «Реал» клубида ўнг қанот ҳимоячиси Давид Хименес яқин келажакда асосий жамоада мустаҳкам ўрин эгаллаши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
21 ёшли футболчи Ла Лигадаги сўнгги «Валенсия»га қарши баҳсда илк бор старт таркибида майдонга тушди. «Месталья»даги учрашув 2:0 ҳисобида «қаймоқранглилар» фойдасига якунланди. Журналист Рубен Мартин хабарига кўра, бош мураббий Альваро Арбелоа Хименеснинг ўйинидан жуда мамнун бўлган. Арбелоа футболчининг имкониятларини «Кастилья»даги ҳамкорликдан яхши билса-да, Хименес барибир кутганидан ҳам юқори даражада ҳаракат қилган. Эндиликда ёш испаниялик асосий таркиб ўйинларига тез-тез жалб этилиши кутилмоқда.
Хименес ҳозирга қадар «Реал» сафида тўртта учрашувда қатнашган, улардан иккитаси Испания Кубоги доирасида бўлиб ўтган. Март ойида у 22 ёшга тўлади.