Француз журналисти: Сафонов Шеваледан ишончлироқ кўринмоқда
RMC Sport журналисти Лионель Шарбоннье фикрича, россиялик дарвозабон Матвей Сафонов ҳозирча "ПСЖ"нинг асосий таркибидаги жой учун курашда Лука Шеваледан устун келмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Журналист Сафоновнинг ўзига ишончи ва майдондаги хотиржамлиги эътиборни тортаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Сафонов дарвозани қўриқлаётган пайтда рақиблар учун дарвоза гўё кичрайиб қолгандек туюлади, Шевале билан эса бундай таассурот унчалик сезилмайди. Шунингдек, Шарбоннье россиялик посбоннинг харизмаси ҳам борлигини қайд этди.
2025/2026 йилги мавсумда Сафонов Париж грандининг 6 учрашувида майдонга тушиб, 5 та гол ўтказиб юборди. Икки ўйинда у дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Матвейнинг "ПСЖ" билан тузган шартномаси 2029 йилнинг ўрталаригача амал қилади.