Роналду тўпурарлар пойгасида ортда қолмоқда, икки рақиб олдинга чиқди
Криштиану Роналду учрашувларда майдонга тушмаётган бир пайтда, унинг тўпурарлар пойгасидаги рақиблари голлар уришда давом этмоқда. Яқинда португалиялик ҳужумчи "Ал-Аҳли" футболчиси Айвен Тонига етакчиликни бой берганди, энди эса "Ал-Кадисия" вакили Хулиан Киньонес ҳам Роналдудан ўзиб кетди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳозирча Роналду ҳисобида 17 та гол бор. Тони 19 марта, Киньонес эса 18 бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, тўпурарлар жадвалида португалиялик юлдуздан олдинга ўтди.
41 ёшли ҳужумчи ёзда Саудия Арабистонини тарк этиши ҳам мумкин. Футболчи Саудия Арабистони Суверен жамғармаси "Ал-Ҳилол"ни "Ал-Наср"га қараганда кўпроқ қўллаб-қувватлаяпти, шу боис чемпионатда адолатли рақобат ҳақида гапириш қийин, деб ҳисоблайди.