Шимолий Кореяда Калмар ўйини кўрганлар қаттиқ жазоланяпти
Шимолий Кореяда Жанубий Корея сериалларини томоша қилиш ёки К-поп тинглаш оддий “кўнгилочар” эмас — у ерда бу иш учун оғир жазолар қўлланиши мумкин. Гувоҳлар маълумотларига таянган Amnesty International’га кўра, бундай ҳолатларда мактаб ўқувчилари ҳам меҳнат лагерларига жўнатиш, оммавий таҳқирлаш, ҳатто қатлгача борган воқеалар қайд этилган.
Маълумотларда айтилишича, “Қуёш авлодлари”, “Калмар ўйини” каби машҳур драмаларни кўриш ёки К-поп қўшиқларини тинглаш “жиноят” сифатида баҳоланиши эҳтимол. Энг оғири — жазо кўпинча пул ва таниш-билишга боғлиқ экани таъкидланади: имкони борлар пора билан енгилроқ чиқиб кетса, имкони чекланганлар қаттиқроқ оқибатларга дуч келади.
Amnesty International вакили Сара Брукс бу ҳолатни “коррупция билан қоришган репрессия” деб атаб, ахборотга кириш чекланиши ва жазолаш амалиёти энг аввало пули йўқларни ҳаётини издан чиқараётганини айтган.
Гувоҳлар сўзларига кўра, сўнгги йилларда Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган янги контент Шимолий Кореяга аввалгидан тезроқ кириб бораётгани ҳам вазиятни кескинлаштирган. Айрим қочқинлар Янгганг провинциясида “Калмар ўйини”ни кўрган юқори синф ўқувчилари ҳақида оғир маълумотлар айтган.
Amnesty 2025 йилда Шимолий Кореядан қочиб чиққан 25 нафар шахс билан суҳбат ўтказганини, иштирокчиларнинг катта қисми 2019–2020 йилларда мамлакатни тарк этганини қайд этган. COVID-19 сабаб чегаралар ёпилганидан кейин қочиш ҳолатлари кескин камайгани айтилмоқда.