2025 йилда “103”га неча марта ёлғон қўнғироқ қилингани очиқланди
“103” — тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлиги, аввало, бригадаларнинг чақирув манзилига ўз вақтида етиб бориши билан белгиланади. Бироқ ёлғон мурожаатлар бу жараёнга жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуровнинг маълум қилишича, 2025 йил давомида мамлакат бўйлаб “103” хизматига жами 3244 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 531 тага кўп.
Таҳлилларга кўра, ёлғон чақириқлар энг кўп:
- Қашқадарё вилоятида — 784 та,
- Сурхондарё вилоятида — 499 та,
- Фарғона вилоятида — 394 та,
- Самарқанд вилоятида — 337 та қайд этилган.
Энг кам ёлғон мурожаат эса Сирдарё вилоятида — 48 та бўлган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, сўнгги 8 йилда “103” хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1680 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари эса 1648 тадан 2865 тага етказилди. Электрон бошқарув тизими жорий этилиши натижасида чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди.