Ҳокимликлардаги яширин қарорлар фош этилди: 386 таси асоссиз чиққан...
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январ ойида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида қабул қилинган, жамоатчиликдан “яшириб” қўйилган қарор ва фармойишларни таҳлил қилди. Гап «яширин» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифи қўйилган ҳужжатлар ҳақида кетмоқда.
Ўрганишлар натижасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1907 та қарор ва фармойиш айнан шу асосда расмийлаштирилгани аниқланди. Энг муҳими, дастлабки текширувнинг ўзидаёқ 386 та ҳужжат асоссиз равишда ёпиқ қолдирилгани маълум бўлди. Яъни гриф — қоғозда бор, асос — ҳавода.
Агентлик маълумотига кўра, очиқланмаган қарорлар ичида:
— 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш,
— 46 таси маблағ ажратиш,
— 34 таси рағбатлантириш,
— 156 таси лавозимга тайинлаш,
— 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.
Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона вилоятида қайд этилган: 67 та (44 фоиз). Кейинги ўринларда Хоразм — 32 та (39 фоиз), Бухоро — 58 та (37 фоиз), Қашқадарё — 41 та (26 фоиз) ва Самарқанд — 38 та (15 фоиз) келмоқда.
Шу муносабат билан агентлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишни очиқлаш, шунингдек қонунбузилиш келиб чиқишига сабабчи бўлган масъулларга нисбатан тегишли чора кўриш ҳақида тақдимномалар киритган.
Таъкидланишича, ҳар бир қарор ва фармойиш кесимида белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши таъминланади.
Қисқаси, “ХДФУ” деган сўз автоматик равишда “халқдан беркитиш” дегани эмас. Энди асоссиз ёпиқ қарорлар очилиши, масъуллар эса жавобгарликни ҳис қилиши керак — тизимдаги ишонч ҳам айнан шу ердан бошланади.