УЕФА Россия терма жамоасини яна турнирга киритмади
УЕФА Миллатлар лигасининг 2026/2027 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш саватлари таркибини эълон қилди. Аввалроқ хабар қилингани каби, Россия терма жамоаси мусобақа иштирокчилари рўйхатидан жой олмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Бундай қарор кутилмаган эмас: Россия футбол иттифоқига (РФИ) нисбатан амалдаги санкциялар ҳануз кучда қолмоқда ва улар ФИФА даражасида ҳам давом этяпти. Бу чекловлар қарийб тўрт йилдан бери сақланиб келмоқда, шу боис Россия терма жамоаси бу даврда фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш ҳуқуқига эга.
Миллатлар лигаси қуръаси 12 февраль куни бўлиб ўтади. Ўтган ёзда турнир ғолиби Португалия терма жамоаси бўлганди: финалда улар Испанияни 2:2 ҳисобидаги дурангдан сўнг пенальтилар сериясида мағлуб этган.