Балогун 2026 йилги Жаҳон чемпионати ҳақида фикр билдирди
"Монако" ҳужумчиси Фоларин Балогун 2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасидаги кутганлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида ўтказилади. Балогун эса айнан АҚШ терма жамоаси сафида тўп суради.
Футболчи таъкидлашича, мундиалда муваффақият кўп жиҳатдан турнирга қандай спорт формасида келишга боғлиқ. Унинг айтишича, ҳозир у "Монако"даги ўйинига максимал эътибор қаратиб, майдондаги ишини яхшилаш орқали Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб боришни мақсад қилган. Бу фикрларни клуб матбуот хизмати келтирди.
2026 йилги мундиал бир қатор тарихий янгиликлари билан ажралиб туради: илк бор турнирга бир вақтнинг ўзида уч давлат мезбонлик қилади ва мусобақада 48 та терма жамоа иштирок этади.
АҚШ аввал фақат бир марта — 1994 йилда — Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Ўшанда чемпионлик Бразилия терма жамоасига насиб этганди.