2050 йилда Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистондан ўтади
БМТ маълумотларига таянган Ranking ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб Ўзбекистон Марказий Осиёда урбанизация даражаси энг юқори мамлакатга айланади. Прогнозларга кўра, республика аҳолининг 54,6 фоизи йирик шаҳарларда яшайди, Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 51 фоизни ташкил этади.
Шу даврга бориб Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси улуши минтақадаги энг паст кўрсаткич — 8,7 фоиз атрофида қолиши кутилмоқда. Қозоғистонда эса аксинча, қишлоқ аҳолиси улуши Марказий Осиёдаги энг юқори даражага чиқиб, 18,7 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.
2025 йил натижаларга кўра, Марказий Осиёда аҳолининг 41,1 фоизи йирик шаҳарларда, 41,6 фоизи кичик ва ўрта шаҳарларда, 17,3 фоизи эса қишлоқ ҳудудларида яшаган.
Ўша йили урбанизация даражаси бўйича минтақада етакчилик Қозоғистонга тўғри келган: аҳолининг 45,3 фоизи йирик шаҳарларда яшаган, 32,2 фоизи кичик ва ўрта шаҳарлар ҳиссасига тўғри келган, 22,4 фоизи эса қишлоқларда истиқомат қилган.
Ўзбекистон 2025 йилда минтақада иккинчи ўринни эгаллаган: аҳолининг 43,8 фоизи йирик шаҳарларда, 43,4 фоизи кичик ва ўрта шаҳарларда яшаган. Қишлоқ аҳолиси улуши эса Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, 12,8 фоизни ташкил этган.