“Ер гўзали 2025” танловида қатнашиш ўзбекистонлик қизга қимматга тушди
Тошкент шаҳрида давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизликка оид иш бўйича маъмурий қарор чиқарилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишган ҳолда маълум қилишича, ҳуқуқбузарлик учун 2004 йил Фарғона вилоятида туғилган фуқаро Ш. маъмурий жавобгарликка тортилган.
Суд қарорида қайд этилишича, Ш. 2025 йил 28 октябр куни Филиппиннинг Манила шаҳрида бўлиб ўтган “Ер гўзали 2025” кўрик-танловида иштирок этган. У мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳамда герби тасвирланган либосда кўриниш берган ва шу либосда тушган суратини ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасига жойлаштирган.
Суд жараёнида қиз айбини қисман тан олган. Унинг сўзларига кўра, либосни давлат байроғи ва гербидан илҳомланиб тиктирган, бироқ унда байроқдаги рамзлар — ярим ой ва 12 юлдуз акс этмаган. Шу билан бирга, ранглар кетма-кетлиги давлат байроғини эслатиши мумкинлигини инкор этмаган ва суддан енгиллик беришни сўраган.
Якунда ЖИБ Миробод туман судининг 2026 йил 19 январдаги қарори билан Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик — давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузишда айбли деб топилди. Унга БҲМнинг 2 баравари миқдорида, яъни 824 минг сўм жарима тайинланди (БҲМ 412 000 сўм).
Бу воқеа яна бир бор эслатяпти: ижод ҳам, “миллий руҳ” ҳам қонун билан келишган ҳолда чиқса — ҳам чиройли, ҳам хавфсиз.