Равшан Ҳайдаров Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги мақсади ҳақида гапирди
Саудия Арабистонида ўтказилаётган U-23 Осиё кубоги 3-туридан ўрин олган Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муҳим учрашувдан сўнг, Равшан Ҳайдаров ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Беҳруз Каримов матбуот анжуманида иштирок этди ва ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Равшан Ҳайдаров:
“Кейинги босқичга чиқишимиз билан мухлисларимизни табриклаймиз. Бу жуда муҳим қадам. Йигитларга катта раҳмат айтаман, улар биз белгилаган режани тўлиқ бажаришди. Ҳар бир ҳаракатни ақл билан, матонат билан амалга оширишга интилдик. Учрашувнинг бошида бироз назоратни йўқотдик, аммо иккинчи бўлимда барчасини ўнглаб, ғалаба қозондик”.
Беҳруз Каримов:
“Бугунги ўйин ажойиб, эмоцияларга бой бўлди. Кейинги ўйинларда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз бу ерга бекорга келганимиз йўқ. Ёшимиз кичик бўлиши мумкин, аммо ишончимиз кучли. Мақсадимиз — чемпионлик!”
Беҳруз Каримовдан Суперлигада ҳам узоқ масофадан гол ургани ва ушбу ўйинда ҳам бундай тактикани қўллаш режа қилинганмиди деб сўралди. Каримов:
“Ҳар бир ўйинда вазиятимни кутиб юрдим. Бугун ўткир бурчакдан имконият бўлди, мен уни ўйлаб ўтирмасдан зарба йўлладим ва гол урдим”.
Яна бир муҳим нуқта, жамоа ўйинига ўзгаришларни киритишдаги режалар ҳақида бўлди. Каримов жавобида:
“Амирбек ёки Саидумархонни майдонга туширилиши, чарчаган рақибга кутилмаган зарба бўлди. Бу режа амалга ошди, иккала футболчи ҳам олдинги ўйинда катта иш қилишди”.
Гуруҳ босқичидан кейинги мақсадлар ҳақида сўз юритган Равшан Ҳайдаров:
“Гуруҳдан чиқдик, рақибимизни эртага билсак бўлади. Ўйиндан ўйинга мақсадни юқорироқ қўяпмиз. Плей-оффда рақибни яхши ўрганиб, режа билан ўйинларга борамиз. Ротация бўлиши табиий, шу билан бирга ўйин кучайтирилади”.
Бош мураббий футболчиларининг ўйинга бўлган интизомини алоҳида таъкидлади:
“Футболчиларимизнинг режага амал қилишлари ва интизомни сақлаганларидан мамнунман. Барча футболчиларимиз индивидуал жиҳатдан кучли, аммо ғалабага эришишимизнинг асосий сабаби — тактикага амал қилишимиз бўлди”.
Беҳруз Каримов ҳам ўз ўйинида мотивацияни ҳис қилганини айтиб ўтди:
“Учрашувдан олдин Каннаварони ташқарида кўрдик, бу бизга босим эмас, балки қўшимча мотивация берди. Биз фақат ўйинимизга эътибор қаратдик ва ғалаба қозондик”.
Мақсадлари ва ишончлари ҳақида Беҳруз:
“Биз олдимизга олий мақсад қўйганмиз. Чемпионлик учун кураш давом этади. Биз учун энг муҳими — кейинги ўйин. Ҳар бир ғалаба бизни чемпионликка яқинлаштиради”.
Рақиблар — Хитой ёки Австралияни ўрганиш жараёнини эса Хайдаров:
“Хитойни яхши биламиз. Улар билан кўп марта тўқнаш келганмиз. Эртадан рақибларни таҳлил қилишни бошлаймиз. Рақибни ўйин услубини ўрганган ҳолда, ўз услубимизни кўрсатишимиз лозим”.
Шу билан жамоа кейинги босқичларга ишонч билан ўтиб, мақсадларга эришиш учун барча кучини сарфлашга тайёр.