Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Аҳоли, айниқса ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади:
а) барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида:
- қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
- санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
- йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш;
б) барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбуриятини киритиш.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов) биринчи даражали маблағ тақсимловчиларнинг асосланган ҳисоб-китобларига асосан 2025 йил давомида бюджет ташкилотларида мазкур банддаги тадбирлар учун зарур бўлган ҳолларда қўшимча маблағлар ажратади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (Б. Юсупалиев) ушбу бандда назарда тутилган муассасаларда санитария-гигиена ҳолатини сақлаш учун воситалар ажратиш бўйича нормативларни қайта кўриб чиқади ва уларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.