Comune di Belcastro/FacebookИталиянинг кичик қишлоқларидан бирида аҳолига жиддий касалланиш ман этилди, деб
хабар бермоқда BBC нашри.
Белкастро аҳолисига “
шошилинч тиббий ёрдам талаб қиладиган ҳар қандай касалликни юқтирмаслик буюрилади”, дейилган маҳаллий мэр Антонио Торкя фармонида.
Торкянинг айтишича, бу қадам “ҳазиломуз провокация” бўлса-да, шу тариқа минтақавий ҳокимият органларига соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларини кўрсатиш учун сигнал юборилган.
Белкастро Италиянинг энг камбағал ҳудудларидан бири Калабрия минтақаси жанубида жойлашган. Қишлоқдаги 1200 нафар аҳолининг қарийб ярми 65 ёшдан ошган одамлар, энг яқин шошилинч тиббий ёрдам бўлими эса 45 километр масофада жойлашган.
“
Тез тиббий ёрдам бўлимига фақат тезлик 30 км/соат билан чекланган йўл орқали бориш мумкин”, — деб қўшимча қилди у.
Қишлоқдаги навбатчи тиббиёт пункти аҳён-аҳёнда очиқ бўлади, дам олиш кунлари, байрамларда ёки иш вақти тугагандан кейин ёрдам кўрсатмайди.
“
Ёрдам керак бўлиб қолганида, ягона умидингиз тез ёрдам бўлимига ўз вақтида етиб бориш эканлигини билиб, ўзингизни хавфсиз ҳис қилиш қийин, йўллар эса ҳар қандай касалликдан кўра каттароқ хавф туғдириши мумкин”, — деди Торкя Италия телевидениесига берган интервьюсида.
Фармон доирасида аҳолига “
зарарли хатти-ҳаракатлардан сақланиш ва маиший бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш” тавсия этилган. Шунингдек, уларга “
уйдан кўп чиқмаслик, саёҳат қилмаслик ва спорт билан шуғулланмаслик, аксинча вақтнинг кўп қисмини дам олишга ажратиш” ҳақида кўрсатма берилган.
Сиёсий бепарволик ва мафия аралашуви, тахминан 15 йил олдин Калабрия минтақасида марказий ҳукумат назоратидаги соғлиқни сақлаш тизимини издан чиқарган. Бу тизим деярли бутунлай йўқ қилинган.
Рим томонидан тайинланган комиссарлар касалхоналарнинг катта қарзлари муаммосини ҳал этишда қийинчиликларга дуч келди. Шу сабабли Калабрия аҳолиси ҳамон тиббиёт ходимлари ва шифохонада ётоқлар етишмаслигидан, шунингдек, туганмас навбатлардан азият чекмоқда.
2009 йилдан бери минтақадаги 18 та шифохона ёпилган.
Бунинг оқибатида Калабриянинг қарийб икки миллион аҳолисидан ярмига яқини тиббий ёрдам олиш учун ҳудуд ташқарисига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Белкастроликлар Торкянинг фармонини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“
У жиддий муаммога эътиборни тортиш учун провокацион фармондан фойдаланди”, — деб таъкидлади маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ОАВга.