Тез орада Абдуқодир Ҳусановнинг янги жамоаси номини билиб олишимиз мумкин. Чунки қишки трансферлар ойнаси атиги бир ой давом этади, холос.
“Ланс” ўз ўйинчисига даъвогарлар кўплигидан фойдаланиб, савдонинг ажойиб стратегиясини танлади ва қайси клуб кўп пул тўласа, Ҳусановни ўша жамоага жўнатиши кутилмоқда. Клуб бош директори Пьер Дреосси ўзбек легионери қишки трансферлар ойнаси давомида клубдан кетишини маълум қилгани ҳам лансликларнинг мақсади ғазнага пул тушириш эканидан далолат
беради.
“Ланс” тарихида ҳали бирорта футболчи қисқа муддатда ўз салоҳиятини бу қадар ёрқин намоён этиб, даъвогарларнинг турнақатор навбатларига сабабчи бўлмаган. Айниқса, ҳамманинг диққат марказида турган Абдуқодир Ҳусановнинг атиги 100 минг еврога трансфер қилинганини инобатга олсак, ҳар қандай савдо францияликларга катта даромад келтиради.
Нуфузли манбалардан бири – footmercato.net порталининг ёзишича, “Ланс” ҳам ўзбек футболчисини қўлга киритганида орадан бир ярим йил ўтиб, бу ўйинчининг Европанинг йигирмага яқин клублари ўртасида талаш бўлишини кутмаган. Шунчаки, Абдуқодирни Кевин Дансога ўринбосар сифатида кўришган ва 2027 йилнинг ярмигача ўйнатиб, вазиятга қараб, бошқа жамоаларга пуллаш режаси бўйича иш кўрилган.
Манбага кўра, айни пайтда Ҳусанов трансфери билан машҳур агент Жорже Мендеш шуғулланяпти. “Ланс” бош директори Пьер Дреосси ва спорт директори Диего Лопес Жорже Мендешни ўзбек футболчи трансферини уюштириш учун махсус ёллаган.
Португалиялик мутахассис бир неча клублар, хусусан, ПСЖ, “Манчестер Сити” ва “Реал” каби Франция, Англия, Испаниянинг амалдаги чемпионлари билан трансфер борасида дастлабки музокараларни ўтказиб бўлди. Навбатда яна бир қанча даъвогарлар бор.
-
Абдуқодир Ҳусанов ўз маҳорати ва салоҳияти билан ҳамманинг эътиборини қозонди. Ёш бўлишига қарамай, Франция футболида намойиш этаётган устун жиҳатлари, бошқа клублар назари ва эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Ўзбек футболчисини қўлга киритишни мақсад қилган клублар сони тезлик билан ошиб бормоқда.
Франция трансфер бозори бугун Абдуқодир Ҳусанов атрофида айланмоқда. 20 ёшли ўзбек ҳимоячиси ажойиб жисмоний кўрсаткичлар ва техник сифатларга эга футболчи ҳисобланади. Унинг 2023 йилнинг ёзида “Ланс” сафига қўшилганидан бери прогрессив тарзда ривожланиб бораётган ўйини “Манчестер Сити” ва “Реал” каби грандларни ҳам ўзига қаратди, - деб ёзмоқда footmercato.net портали эксперти Иван Варгас.
Ҳусанов учун курашаётган клублар орасида энг машҳурлари “Манчестер Сити” ва “Реал” эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ҳар икки клуб таркибдаги вазият ва муаммолардан келиб чиқиб, жамоада узоқ муддат ўйнаши мумкин бўлган марказий ҳимоячи хизматига катта эҳтиёж сезмоқда.
Абдуқодир – Лига 1нинг энг зўр марказий ҳимоячиларидан. Гранд клублар, хусусан “Манчестер Сити” ва “Реал” учун ҳам бу муаммоли позиция.
Хосеп Гвардиола жароҳат туфайли Жон Стоунз ва Рубен Диаш каби марказий ҳимоячиларидан фойдалана олмаяпти. Натан Аке ва Мануэль Аканджи ҳар доим ҳам ишончли оқлай олмайди. Пеп суяниб келаётган ягона соғлом марказий ҳимоячи Йошко Гвардиол.
“Шаҳарликлар” ноябрь ойидан бери 26 та гол ўтказиб юборди. “Топ-5” лигаларида фақат “Хайденхайм” манчестерликлардан кўп гол ўтказган холос. Экспертлар “Манчестер Сити”нинг яқинда юз тутган муваффақиятсизликларининг сабабларидан бири марказий ҳимоядаги муаммолар эканини таъкидламоқда.
“Реал”да Эдер Милитаонинг навбатдаги оғир жароҳатидан кейин янги, ёш ва бақувват марказий ҳимоячига эҳтиёж туғилди. Бу позицияни ёпишга ҳаракат қилган Орелье Тчуамени ҳам, Рауль Асенсио ҳам бу ишни уддалай олмади. Тез орада Давид Алаба ҳимоя марказидан жой олади. Бироқ унинг ҳам ёши ўтиб қолмоқда ва бир йилдан ортиқ вақт мобайнида тўп тепмаган ўйинчининг келажаги ҳам катта сўроқ остида турибди. Карло Анчелотти яна бир марказий ҳимоячи Хесус Вальехога чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйган.
Мадридликлар “Тоттенхэм”дан Микки ван де Вен, “Лейпциг”дан Кастелло Лукебани ҳам кузатмоқда. Бироқ бу ўйинчилар трансфери камида 60 миллион еврони талаб қилади. Улардан қолишмайдиган янги авлод вакили Ҳусановнинг келишини 25-30 миллион еврога уддалаш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, “Манчестер Сити” ўзбек футболчисини қишки трансферлар учун асосий нишон сифатида белгилаган. “Реал” эса, жамоадаги асосий фигура Эдер Милитао характеристикасига мос ўйинчи олмоқчи ва Ҳусанов айнан ана шундай фазилатларга эга ҳимоячидир.
Абдуқодирнинг фаолиятини кузатиб бораётган трансфер бўйича мутахассислар муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда.
Жумладан, легионеримизни ўз сафида кўрмоқчи бўлган номзодлар орасида ёш истеъдодлар билан ишлаш ва уларни Европа футболининг янги даражасига кўтаришда катта тажриба тўплаган “Байер Леверкузен”, “Наполи”, “Ювентус”, “Боруссия Дортмунд”, “Ньюкасл”, “Тоттенхэм” каби клублар бор.
Айрим мутахассислар Ҳусанов “Реал” ёки “Манчестер Сити”га ўтишидан аввал, айнан мана шу юқорида номи келтирилган клублар даражасидаги жамоаларда маҳоратини чархлагани маъқул эканини таъкидламоқда.
Ҳурматли мухлислар, сиз нима деб ўйлайсиз, Абдуқодир Ҳусанов бирдан “Реал” ёки “Сити”га ўтгани маъқулми ёки аввал нисбатан рейтинги пастроқ клубларда тажриба ошириб, кейин “катта сакраш”ни амалга оширгани тўғри бўладими?