Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳукумат инқирози туфайли Либерал партия етакчилигидан кетмоқда, деб
хабар беради Associated Press.
Вазиятдан хабардор амалдорнинг сўзларига кўра, 27 январдан фаолиятини қайта бошлаши керак бўлган парламент иши 24 мартгача тўхтатилади. Ушбу муддат Либерал партия етакчилиги учун «пойга ўтказиш» имконини беради.
Асосий учта мухолифат партия парламент қайта тикланганда ишончсизлик вотуми орқали Либерал партияни ағдариб ташлашни режалаштирган эди.
«
Фаолиятим давомида эришган ҳар бир муваффақиятим оиламнинг қўллаб-қувватлови ва далдаси туфайли бўлди. Кеча кечки овқатда қарорим ҳақида фарзандларим билан ўртоқлашдим, бугун эса сизларга маълум қилмоқдаман: Либерал партия раҳбарлигидан ва партияга янги етакчи сайланганидан кейин Канада бош вазирлигидан кетмоқчиман», — деди Трюдо.
Трюдо молия вазири Христия Фриланд кутилмаганда истеъфога чиққанидан кейин етакчилик борасида муаммоларга дуч келди. Мамлакатда кучли таъсир доирага эга вазирларидан бири бўлган Фриленд Доналд Трампнинг Канада товарларига божлар жорий қилиш таҳдидига қандай чора кўриш борасида Трюдо билан келишмовчиликка борган.
Трюдо партиясидан сайланган парламентнинг бир қанча аъзолари ҳам уни истеъфога чиқишга чақирган. Охирги сўров натижалари Либерал партия жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда қақшаткич мағлубиятга учрашини кўрсатган.
Жастин Трюдо 2015 йилда ҳокимиятга келган эди. У очиқ иммиграция платформаси, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва бойларга нисбатан солиқларни оширишни ваъда қилганди.