Аввалроқ Комил Алламжонов ва Дмитрий Лини ўлдириш учун ёлланган шахслар – Бислан Расаев ҳамда Шамил Темирханов қидирувга берилгани хабар қилинганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот
берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура томонидан Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида Россия фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темирхановлар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этганликлари аниқланган.
Б.Расаев ва Ш.Темирхановлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда қидирув эълон қилинган.
Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд26 октябрь тунда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура берган маълумотга кўра, фуқаро С.С. бошқарувидаги Range Ровер русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида икки нафар номаълум шахс машинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Маълумот учун, ушбу ҳолатда жиноят содир этган шахслар 15 йилдан 25 йилгача бўлган муддатда озодликдан маҳрум қилиш орқали жазоланиши мумкин.
27 октябрь куни ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бири аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди. 28 октябрь куни яна уч нафар гумонланувчи ушланди. Ноябрь ойида эса суиқасдда гумонланиб яна 5 киши қамоққа олинган.
Комил Алламжонов 2024 йил 30 сентябрда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимини тарк этган эди. У фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилган.