Фото: Getty Images Жанубий Кореянинг Фундаментал фанлар институти олимлари америкалик кимёгар Родни Руофф раҳбарлигида нормал босим ва 1025 градус ҳароратда олмос синтез қилишнинг инновацион усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Nature хабар
бермоқда.
Мазкур ютуқ лаборатория шароитида олмослар ишлаб чиқаришни анча соддалаштириб, буни янада самарали ва қулай қилади.
Табиий олмослар 150-250 километр чуқурликда, Цельсий бўйича 900-1400 градусга етадиган ва босим жуда юқори бўлган экстремал шароитларда шаклланади.
Ҳозирги кунда лабораторияларда олмос яратиш учун икки хил усулдан фойдаланилмоқда: HPHT (юқори босим ва ҳарорат усули) ҳамда CVD (кимёвий буғлатиб чўктириш усули).
HPHT усулида пресс ва юқори ҳароратдан фойдаланиб, олмос ҳосил бўладиган табиий шароитга ўхшаш муҳит ҳосил қилинади. CVD’да олмослар газ аралашмасидан ўстирилади ва олмос зарраларида углерод қатлами ҳосил қилинади.
Янги усулда эса суюқ металл (галлий, темир, никел ва кремний) тигелда тахминан 1025 градус ҳароратгача қиздирилади. Тигел иссиқликнинг бир текис тақсимланишини таъминлаб, метанни каталитик фаоллаштириш учун зарур шароитларни сақлаб туради. Бундай шароитда атиги чорак соатдан сўнг олмослар ҳосил бўла бошлайди.
Гарчи технологияда айрим чекловлар бўлса-да, ушбу кашфиёт олмос синтезида янги даврни бошлаб бериши прогноз қилинмоқда.