Президент фармонида 2030 йилгача йирик шаҳарларда камида “Евро–5” стандартига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши белгиланди.
Чекловлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказида 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб босқичма босқич жорий этилади.
Ушбу чекловлар остига “Евро-5” ва ундан юқори стандартдаги ёқилғида ишлай олмайдиган эскирган машиналар тушади. Бунга нафақат собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган, жумладан, мустақиллик йилларида ўзимизда ишлаб чиқарилган “Тико”, “Матиз”, “Дамас”, “Нексия-1”, “Нексия-2” автомашиналари ҳам тушиши мумкин.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.