Бугун аксарият инсонлар соч тўкилишидан қийналади. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда аёлларнинг 75 фоизи, эркакларнинг 50 фоизи айнан шу муаммодан азият чекмоқда.
Хўш, сочлар тез-тез ва кўп тўкилишининг асосий сабаби нима?
Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Аваз Иноятов жавоб берди.
— Соч – инсоннинг ярим ҳусни. Бироқ унинг бирламчи вазифаси чирой улашиш эмас, балки иссиқ ёки совуқ ҳаводан асраш, — дейди мутахассис. — Аммо шунга қарамай, сочларни доим ҳам сақлаб қолишнинг имкони йўқ. Чунки толаларнинг муайян умри бор ва бу муддат тугагач, уларнинг тўкилиши, табиий.
– Мазкур жараён мунтазам давом этиб, тўкилган сочлар ўрнига янгилари ўсиб чиқиши керак. Мисол учун, бир кунда ўртача 80-100 тагача тола тўкилиши меъёрдир.
– Ушбу жараён тезлашиб, янги толалар ўсиб чиқиши камайса, ўз-ўзидан хавотирланишга сабаб бўлади. Толаларни тўкадиган омиллар жуда кўп. Энг аввало, бу ирсият билан боғлиқ. Агар ота-оналардан бирида бундай муаммо бўлса, у фарзандга ҳам ўтиши мумкин.
– Шунингдек, баъзида соч ўчоқли, яъни танга-танга бўлиб тўкилиши ёки умумий сийраклашиши мумкин. Айрим эркакларда эса андроген алопеция (тепакаллик) учрайди. Бундай касаллик гормонлар фаолияти бузилиши ҳамда ирсият билан боғлиқ.
– Тангали соч тўкилиши йўлдош касалликлар ҳисобига юз бериши, гемоглабин камайганда, ҳомиладорликда, наркоз олишда ва асабийлашганда кузатилиши мумкин.
– Сурункали инфекциялар, сил, ўсма касалликлари, нурланиш, стресс, касб билан боғлиқ ноқулай шароитлар, нотўғри парвариш, витамин ва бошқа муҳим моддаларнинг етишмаслиги, айрим дориларни қабул қилиш ҳамда ошқозон-ичак трактининг патологиялари ҳам ушбу муаммони юзага чиқаради.
– Соч тўкилиши кишида тушкунлик уйғотади, ўзидан қониқмаслик, тортиниш ҳиссини кучайтиради. Шу боис киши ўзида тез-тез соч тўкилаётганини сезса, дерматолог-шифокорга мурожаат қилиши лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.