Хива шаҳридаги “Хива Универсал кийим-кечак бозори” ҳудудида содир бўлган ёнғинни ўраб олиш ва ўчириш учун ўт ўчирувчилар 2 соату 20 дақиқа вақт сарфлашган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Хиванинг Элобод кўчасида жойлашган бозордаги ёнғинга оид хабар маҳаллий ФВБга 24 июль куни соат 17:42 да келиб тушган. Ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига 17:50 да етиб боришган, соат 19:25 да улар ёнғинни ўраб олиб, соат 20:10 да бартараф этишга муваффақ бўлишган.
Ёнғинни бартараф этиш учун 12 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 9 та сув ташишга мўлжалланган автомобиль жалб этилгани айтилган.
Хабарномада аланга тахминан 1000 квадрат метр майдонда контейнер ва енгил типдаги савдо расталарига шикаст етказгани, айни пайтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланаётгани қайд этилган.
ФВВ ёнғин оқибатида фуқароларни куйиш, тан-жароҳатини олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар келиб тушмаганини қўшимча қилган.