Коронавирус пандемияси даврида жаҳоннинг аксарият давлатлари асосий эътиборни COVID-19 ни жиловлашга қаратгани оқибатида бошқа юқумли касалликлар профилактикаси ва муолажасида қатор оқсоқликлар юзага келди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таянган ҳолда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус жаҳон давлатларида ОИВ, безгак ва силга қарши кураш борасида “илдам қадам”лар тўхтагани ёки ортга кетганини таъкидлади. Бунинг оқибатида 2021 йилда ОИВ, сил ва безгак касалликлардан ўлганлар сони сезиларли даражада кўпайган.
Пандемия даврида ОИВга текширувлар сони 41 фоизга, сил касаллигини аниқлаш, даволаш ва олдини олишга қаратилган мурожаатлар кўрсаткичи эса 56 фоизга камайган. Бу ҳолат кўпроқ паст ва ўрта даромадли мамлакатларда кузатилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шундан келиб чиққан ҳолда жаҳон ҳамжамиятини юқумли касалликларга қарши иммунизация жараёнини кучайтиришга чақирди.
Ташкилот статистикасига қараганда, ўтган ҳафтада дунёда 3,3 миллиондан ортиқ кишига СOVID-19 ташхиси қўйилди. Улардан қарийб 9,8 минг нафари касаллик оқибатида вафот этди.