Қозоғистонда РБК манбаси ва Қозоғистон ОАВлари (хусусан, kz.media ва eurasianet порталлари) собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи Алияга алоқадор «РОП Оператор» компаниясининг бошқарувчи директори Руслан Шамшиев ўз жонига қасд қилганини ёзмоқда.
Шамшиевнинг ўлими факти бўйича пойтахт ИИБ томонидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси «Ўз жонига қасд қилишга ундаш» бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шамшиев турли йилларда Олмаота ва Қозоғистон пойтахтида контрабандага қарши кураш бўлимида ишлаган. 2010 йилда у «Әуежай-Астана» божхона пости бошлиғи, сўнгра Остона авиация транспорт прокурори ўринбосари лавозимида ишлаган. 2016 йилда Шимолий Қозоғистон вилоятидаги ХБКни бошқарган. 2018-2021 йилларда «Фуқаролар учун ҳукумат» НАО давлат корпорацияси маъмурияти ички хавфсизлик департаменти директори лавозимида ишлаган.
11 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев «РОП Оператор» компанияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган эди. Мазкур ташкилот фаолияти тадбиркорлар ва жамиятда кўплаб саволлар туғдирди. МЧЖ фаолияти тугатилди.