Фарғона шаҳрида Қўқон шаҳар суди судьяси бошқарувидаги автомашина йўл транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 3 январь куни соат 9:00 чамасида Фарғона шаҳар Ал-Фарғоний ва Темирйўлчилар кўчалари кесишган чорраҳада жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди судьяси М.У. иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
М.У. бошқарувидаги “Nexia-2” ва йўл транспорт ҳодисасининг яна бир иштирокчиси Х.А. бошқарувидаги “Nexia-3” автотранспорт воситалари шикастланган. Икки тарафдан ҳам оғир бўлмаган тан жароҳати олганлар бор.
Айни пайтда ҳолат юзасидан ваколатли орган ходимлари суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Аввалроқ Олий суд раиси Козим Комиловга бириктирилган «Malibu» хизмат автомобили ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилган эди.
kun.uz