Германия 20 декабрдан бошлаб Британияни коронавирус мутациялари тарқалиши ҳудуди деб қабул қилади. Бу эса ушбу давлатдан келувчиларга нисбатан қатъий чекловлар киритилишини англатади, деб маълум қилинди Роберт Кох институтида.
Германия соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунувчи институтда таъкидланишича, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллиги, қиролликнинг барча денгизорти ҳудудлари, Мэн ва Норманд ороллари 20 декабр соат 00дан бошлаб коронавирус мутациялари тарқалиши ҳудуди деб таснифланади.
Бу ҳудудлардан келувчи барча Германияда 14 кунлик карантин ўтиши керак бўлади. Жумладан, бу талаблар коронавирусга қарши эмланган ва ундан соғайганларга ҳам нисбатан амал қилади. Таъкидланишича, карантиннинг муддатини қисқартириш ҳозирча иложсиз.
Ҳозирда Кох институти томонидан тузилган бундай давлатлар рўйхатига Ботсвана, Эсватини, Лесото, Малави, Мозамбик, Намибия, ЖАР ва Зимбабве киритилган. Рўйхат 3 январгача амал қилади ва ушбу муддатдан кейин унга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Аввалроқ Британия пойтахти Лондонда “коронавируснинг омикрон штамми жадал тарқалаётгани билан боғлиқ ҳолда шифохонага ётқизилиш ҳолатлари сони ўсаётгани” сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
18 декабрда Британияда 90,4 минг кишида коронавирус аниқланган. Бир кун аввал бу рақам 93 мингдан ортиқроқ бўлган. Бирлашган қиролликда охирги кунларда “омикрон” юқтириш ҳолатлари сони кескин кўпаймоқда. Қиролликда 17 декабрда ушбу штаммни юқтириш билан боғлиқ 10059та ҳолат аниқланган ва “омикрон” юқтирганлар жами сони 24968 нафарга етган. Таққослаш учун, 13 декабрда бу кўрсаткич 4713 нафарни ташкил этаётганди. Шунингдек, ушбу штаммдан 7та ўлим ҳолати қайд этилган.
ТАСС