Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида виртуал фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳақида қатор тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, фуқароларимиз огоҳликка чақирилмоқда.
Бироқ ушбу огоҳлантиришлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармаган, осон бойлик орттиришни мақсад қилган айрим фуқароларимиз фирибгар ва ўғриларнинг “қармоғига” илинмоқдалар.
Жумладан, 2021 йилнинг 5 июнь куни соат 23:53 ларда, Когон шаҳар Бухорошоҳ кўчасида яшовчи, 1999 й.т. О.Г. исмли қиз, ўз уйидан туриб, Олот тумани Мухтор маҳалласида яшовчи, 1987 й.т. Қ.С. исмли йигит билан телеграмм тармоғи орқали боғланиб, унга “Асака банк” орқали ойлик иш хақисиз, кафилсиз, 5 фоиз устама тўлов билан 12.000.000 сўм пулни қарзга олиб беришни ваъда қилиб, гаров сифатида олдиндан 10 фоиз пулни пластик картасига ўтказиб беришга ишонтириб, Қ.С.нинг пластик карта махфий коди ва рақамини олишга эришиб, картада мавжуд жами 1.100.000 сўм пулларни ечиб олиб фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан О.Г.га нисбатан Когон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахснинг вилоятимиз бошқа ҳудудлари, қолаверса республикамиз бўйлаб бошқа шу каби содда фуқароларга нисбатан ҳам фирибгарлик ёки ўғрилик жиноятларини содир қилган-қилмаганлигини аниқлаш борасида дастлабки тергов, тезкор-техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.