Туркиялик тадбиркорлар гуруҳи Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция бўйича низоларни ҳал қилиш халқаро маркази (ICSID)га Ўзбекистонга қарши даъво аризаси киритди.
Иқтисодиётга ихтисослашган Spot нашрининг ёзишича, даъвогарлар орасида Меҳмет Зеки Ўбуз ва бошқалар бор.
Бошқа маҳаллий нашрлар аризачилар орасида Меҳмет Зеки Ўбуздан ташқари тадбиркорлар Севде Йилмаз, Хури Обуз ҳамда Tasfiye Halinde Obuzlar Gida, Temizlik Maddeleri, Züccaciye ve Tekstil Sanayi Ticaret Limited ширкатлари борлигини билдирмоқда.
Даъвогарлар Ўзбекистондан озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ширкатни қайтаришни талаб қилмоқда. ICSID расман эълон қилган ҳужжатда бундан бошқа тафсилотлар берилмаган.
Меҳмет Зеки Ўбуз 1995 йилдан Ўзбекистонда фаолият юрита бошлаган. У “Сундус” қўшма корхонаси асосчиларидан бири. Ўбуз 2007 йилда Ўзбекистонда контрабанда ва солиқ тўлашдан қочиш каби айбловлар билан 16 йилга қамалган эди.