Польшада якунига етган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон қизлар ва ўғил болалар терма жамоаси тўлиқ таркибда иштирок этди. Қизларимиздан -54 кг вазн тоифасида Нигина Ўктамова жаҳон чемпионати илк олтин медални қўлга киритган бўлса, -64 кг вазнда Моҳинабону Абдуллаева кумуш медаль соҳибига айланди. Бундан ташқари, яна 4 нафар қизларимиз -57 кгда Ситора Турдибекова, -60 кгда Дилфуза Бекова, -75 кгда Соҳиба Рўзметова ва -69 кг вазнда Ҳадичабону Абдуллаева бронза медалига эга бўлдилар. Бу борада йигитларимизда гарчи медаллар сони камроқ бўлсада чемпионлар сони кўпроқ бўлди. Финалга қадар барча рақибларини мағлуб этган ҳолда етиб келган -52 кг вазнли боксчимиз Шаҳзод Музаффаров сўнги жангда ҳам ўз сўзини айтди ва мусобақа ғолиби бўлди. Энг оғир вазн тоифасида ҳисобланган +91 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров финалда рақибини муддатидан аввал мағлуб этган ҳолда юртимизга иккинчи олтин медални келтирди. Шунингдек, -69 кгда иштирок этган Алоҳон Абдуллаев ва -81 кг вазн тоифасида Шоҳжаҳон Абдуллаев мусобақанинг бронза медалларига эга чиқдилар.