Коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи босқичи апрель ойида Қорақалпоғистон, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда бошланади. Май ойида бошланадиган иккинчи босқичда туманлар ва кичик шаҳарлар аҳолиси эмланади. Учинчи босқич июнь ойида бошланиб, қишлоқлар аҳолиси эмланади. Бу ҳақда АОКАда 29 март куни ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унга кўра, биринчи галда катта ёшдаги аҳоли ва коронавирус касаллигига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиш орқали касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлган тиббиёт ходимлари эмланади.
Отабеков эмлаш AstraZeneca ҳамда ZF-UZ-VAC2001 вакциналари воситасида олиб борилиши ҳақида айтди. Ҳар бир киши икки мартадан эмланади, шундан сўнг унга эмлангани тўғрисидаги махсус сертификат берилади.
Отабеков келажакда хусусий касалхоналарга ҳам пулли асосда эмлашга рухсат берилиши режалаштирилаётганини айтди.
Аввалроқ Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келингани, Хитойдан 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилгани хабар қилинган.