Жорий йилнинг 11 январь куни Ички ишлар вазирлиги бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда илгари Қибрай туманидаги “Бўстон” оромгоҳида турган 17 нафар фуқарони турар жойларига жўнатган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, “Бўстон”дан чиқиб кетганларнинг уч нафари аёл, 14 нафари эса вояга етмаган болалардир.
Қайд этилишича, аёллар вояга етмаган фарзандлари билан Юнусобод, Учтепа ва Чилонзор туманларида яшовчи ота-оналарининг уйларига қайтарилган, ота-оналаридан маҳрум бўлган беш нафар бола эса Тошкентдаги болалар уйларига жойланган.
Бу 17 киши ўтган йил декабрида “Меҳр-3” амалиёти доирасида Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ичида бўлган. Улар Тошкентга олиб келинганидан кейин “Бўстон” соғломлаштириш реабилитация марказига жойлаштирилганди.
Бунгача ўзбек расмийлари саъй-ҳаракати билан Суриядаги лагерлардан икки марта аёллар ва болалар олиб келинган. Хусусан, 2019 йил 30 майидаги “Меҳр” деб номланган илк амалиёт чоғида 48 нафар аёл, 106 нафар бола, 2019 йил октябрида эса “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз бола Ўзбекистонга қайтарилганди.
Мазкур амалиётлар доирасида Суриядан ўзбекистонликларнинг қайтарилиши ортидан ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозара қизигани, фойланувчиларнинг бир қисми ўзбек расмийларининг бу ҳаракати олқишлаётган бўлса, бошқа бир гуруҳ уларнинг ва мамлакатнинг келажагидан хавотирга тушгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.