Шаҳар ҳокими қарори лойиҳасига кўра, Тошкент шаҳар бюджети даромадлари 2021 йилда 2,9 трлн сўмни ташкил қилади.
Тошкент шаҳри шаҳар бюджети даромадлари прогнози 2021 йил учун 2,9 трлн сўм этиб белгиланмоқда.
Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимининг "2021 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Шунингдек, мазкур қарор лойиҳаси билан 2021 йил учун Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ҳам маълум қилинди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрининг 2021 йил учун маҳаллий бюджетида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ҳажми 89,1 трлн сўмни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда.
Шу билан бирга ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатини 11% га, саноат маҳсулотларининг ўсиш суръатини 6,3% га, хизмат кўрсатиш соҳаси ўсиш суръатини 12,6% га ва чакана товар айланмасининг ўсиш суръатини 7,3% га етказиш режалаштирилмоқда.
2021 йил учун Тошкент шаҳри шаҳар бюжетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 2,9 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Шундан Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун 699,4 млрд сўм ажратилади ва қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
- жорий харажатлар - 597,6 млрд сўм;
- Тошкент шаҳар ҳокимлигини сақлаш харажатлари - 7,7 млрд сўм ;
- Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналарини сақлаш харажатлари - 3,8 млрд сўм;
- Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхонаси - 1,9 млрд сўм;
- Тошкент шаҳар ҳокимлигининг заҳира жамғармаси - 28,7 млрд сўм;
- Халқ депутатлари Кенгаши котибияти - 286,7 млн сўм;
- Hyatt Regency кредитларини сўндириш - 71,3 млрд сўм;
- Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитини қайтариш - 7,3 млрд сўм;
- Чет эл кредитларини қоплаш - 207,3 млрд сўм;
- Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Фукораларнинг ўзини-ўзи бошкариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўкув курси - 365 млн сўм;
- Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий мослашиш маркази - 55,9 млн сўм;
- Шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш зарарини қоплаш учун - 259,06 млрд сўм;
- Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташишда вужудга келган зарарни қоплаш харажатлари - 9,7 млрд сўм;
- объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар - 101,8 млрд сўм.
Шунингдек, 2021 йил учун Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети Заҳира жамғармаси ҳажми 28,8 млрдсўм миқдорида белгиланмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда туман ҳокимликлари Заҳира жамғармалари маблағларини шаҳар ҳамда туманлар бюджетларида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминланади.