Бу борада "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бош прокуратура "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини эълон қилди.
Унга кўра, мазкур қонун лойиҳаси билан коррупцион жиноятларни кўриш учун аноним хатлар ҳам асос бўлиши мумкин.
Яъни, келгусида коррупцияга қарши ваколатли органлар — Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатлари, шу жумладан аноним мурожаатларини кўриб чиқади.
Шунингдек, ҳужжатнинг 26-моддаси биринчи қисмига ҳам ўзгартириш киритилади. Унга кўра, давлат органларининг ходимлари уларга пора беришга уриниш билан боғлиқ ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан пора олиш билан боғлиқ фактлар ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ёзма равишда хабардор этиши шарт (амалдаги тартибда хабардор қилишнинг тури белгиланмаган).