Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон қарори билан тасдиқланган Махсус таълим-тарбия муассасаларидаги алоҳида меҳнат шароитлари учун қўшимча ҳақ белгиланган педагог ходимлар лавозимлари рўйхати, мазкур тўловларнинг турлари ва миқдорларининг I-банди тўлдирилмоқда.
Қарорга мувофиқ, инклюзив таълим тизими жорий қилинган ва таянч коррекцион синфлар очилган умумтаълим мактабларининг махсус педагогларига уларнинг базавий тариф ставкасига ҳар ойда 50 фоиз устама ҳақ тўланади.
Шунингдек, синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун белгиланган меҳнат ҳақи оширилмоқда:
• 15 нафар ўқувчигача — 26,4 фоиз;
• 16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 31,6 фоиз;
• 21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 36,9 фоиз;
• 26 нафардан 30 нафар ўқувчигача — 42,1 фоиз;
• 31 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 52,8 фоиз.
Қарор лойиҳасида халқ таълими муассасалари педагог ходимлари ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари ҳам кўрсатиб ўтилган.
Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштириши белгиланган.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов зиммасига юклатилган.
Лойиҳа муҳокамаси келаси йилнинг 3 январигача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"га кўра, 2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабларда инклюзив таълим жорий қилинади.