Тадбиркорлар 2021 йил 1 мартдан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиши мумкин. Бу борадаги меъёр “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга асосан тадбиркорлик субъектлари агент вазифасини бажариш учун аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган ва кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт.
Тадбиркорларга мазкур сертификатлар 3 йил муддатга берилади. Давлат хизматлари агентлиги агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорларнинг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади.
Бундан ташқари қарорда фуқаролар учун ягона электрон реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилиши шартлиги ҳам назарда тутилган.
Давлат хизматлари агенти бўлган тадбикор фуқароларга пулли асосда хизмат кўрсатади ва тадбиркор нархларни ўзи мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматлар кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Қарорга асосан 2021 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади.