У меъёрий ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган ва тезлигини меъёридан ошириб ҳаракатланган.
Тошкент шаҳрида қоидабузар ҳайдовчи 6 та транспорт воситасига техник шикаст етказиб тўхтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 14:00 ларда, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ ва Мовароуннаҳр кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган Lacettiрусумли автомобиль ҳайдовчиси 30 ёшли Т.А. ҳаракатини давом эттирган.
Шундан сўнг у Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланиб, Оққўрғон-Мустақиллик шоҳ кўчалари кесишмасига етган вақтида қоидабузарлигини давом эттириб, ўзидан олдинда бўлган 6та транспорт воситасига техник шикаст етказган. Ўзи эса йўлнинг қарама-қарши бўлагини ажратиб турувчи қисмида, тунги вақтда ёритиш учун ўрнатилган симёғочга урилиб тўхтаган.
Маълум қилинишича, тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича,ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, тезлигини меъёридан ошириб ҳаракатланганлиги маълум бўлди.