Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри бош санитар врачи Жандарбек Бекшин қарори билан шаҳарда карантин чоралари юмшатилди. Ҳужжат билан театрлар, кутубхоналар, музейлар, ҳовузлар, спорт мажмуалари ҳамда диний объектлар (оммавий тадбирлар ўтказмаслик шарти билан) фаолиятига рухсат берилган.
Айни пайтда таълим ва коррекцион марказлари фаолиятига ҳам изн берилган. Шунингдек, болалар сони 180 нафардан ошмаган мактаблар ҳам очилиши мумкин. Бунда синфдаги ўқувчилар сони 15 нафардан ошмаслиги лозим.
Бекшин қарорига мувофиқ, дам олиш кунлари ҳамда байрамларда савдо объектлари ҳамда бозорлар (озиқ-овқат сотиладиган объектлар бундан мустасно) ёпилади.
Қозоғистонда такрорий карантин шу йил 5 июлида эпидемиологик вазият ёмонлашгани қабатида киритилганди. 17 августдан чеклов чоралари босқичма-босқич юмшатила бошлаган. 31 августдан эса карантин чораларини юмшатишнинг янги босқичи бошланган.
Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда шу кунгача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 105,7 дан зиёд ҳолат, 1588 та ўлим ҳолати қайд этилган.